“Халқаро дзюдо куни” юртимизда катта шодиёна билан нишонланди

Илгари табиат инсонни қўрқитар эди
Ҳозир инсон табиатни қўрқитмоқда
Жак-Ив Кусто

Бугун “Халқаро дзюдо куни”. Юқоридаги иқтибоснинг бир қарашда дзюдо спортига алоқаси йўқдир, лекин ушбу кун доирасида бутун дунё бўйлаб ўтказилаётган бугунги байрамга алоқадор. Замон глобаллашиб боргани сари инсоният ўзи учун қулайликлар яратиш мақсадида она табиатга жуда катта зарар етказмоқда. Бир неча йиллардан бери бутун олам ушбу ҳолатга қарши курашиш мақсадида турли тадбирлар, дастурлар ишлаб чиқмоқда.

28 октябрь ҳар йили “Халқаро дзюдо куни” сифатида бутун дунёда кенг нишонлаб келинади. Халқаро дзюдо федерацияси бу йилги кунни ўзгача тарзда нишонлаш мақсадида янги ташаббус билан чиқди. Яъни, бугун “Халқаро дзюдо куни”ни нишонлаётган ҳар бир миллий федерация табиат келажаги учун камида 1 туп кўчат экмоқда. Бу нафақат спорт, балки инсоният тақдири учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. “Халқаро дзюдо куни” юртимизда ҳам ана шундай эзгу ташаббус асосида ташкил қилинди. Ўзбекистон дзюдо федерацияси базасида ўтказилган байрамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов, Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбари Мухторхон Ташходжаев, юртимиз спорти фидойилари, шунингдек, Ришод Собиров, Рамзиддин Саидов каби яқин ўтмишимизнинг номдор полвонлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида сўзга чиққан расмийлар ўзбек дзюдосининг шонли тарихи ва нурли келажаги ҳақида сўз олиб, Президентимизнинг спортни ривожлантиришга қаратаётган эътиборига ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.

“Бугун юртимизда ҳам “Халқаро дзюдо куни” кенг нишонланмоқда. Биз ҳам ушбу тадбирга ўз хиссамизни қўшмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек дзюдоси оиласини ушбу кун билан табриклаб қоламан. Насиб қилса, дзюдочиларимиз Токио Олимпиадасида ҳам ғалабали иштироки билан юртимизда спортнинг ривожланишига улкан хисса қўшишади. Ўз навбатида, спортчиларимизнинг мана шундай қулай жойларда шуғулланишлари учун имконият яратиб бераётган муҳтарам Президентимизга ҳам ташаккур айтиб ўтаман”, – деди Азизжон Камилов.

Тадбирнинг иккинчи қисмида МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, федерация раҳбарияти, терма жамоа аъзолари ва ёш дзюдочилар бугунги кун ташаббуси билан Ўзбекистон дзюдо федерацияси ташқарисида ажратилган махсус жойга дарахт кўчатларини ўтқазишди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари яқинда фойдаланишга топширилган федерациянинг машғулотлар залида байрам тадбирини давом эттирдилар.

28 Oktabr, 2019|Янгиликлар|