“Бош вазир кубоги-2019” ғолиблари аниқланди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимизда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида “Бош вазир кубоги” мусобақаси ўтказилди. Регламентга кўра, ушбу спорт мусобақаси аёллар ўртасида волейбол, эркаклар ўртасида футбол бўйича ташкил этилди.

Шубҳасиз, кўпчиликнинг диққат-эътибори футбол учрашувларига қаратилди. Тошкент шаҳридаги муҳташам “Миллий” стадионида ўтган финал беллашувида Олий суд ва “Узтелеком” жамоалари баҳс олиб борди. Кескин ва муросасиз кечган ўйинда ҳуқуқ соҳаси мутахассислари 1:0 ҳисобида ғалаба қозондилар.

Волейбол бўйича аёллар ўртасида ўтган беллашувлар бир кун аввал ниҳоясига етиб, унда “Ўзбекистон темир йўллари” жамоаси барча рақибларини катта қийинчиликсиз мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Футбол бўйича финал учрашуви якунланганидан кейин барча йўналишларда ғолиб ва совриндор бўлган жамоаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ғолибларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдирлади.

Тақдирлаш маросимидан сўнг стадионга йиғилган мухлислар ва иштирокчилар учун бадиий дастур намойиш қилинди. Унда элимизнинг суюкли қўшиқчилари, қизиқчилари ўз дастурларини тақдим этдилар.

27 Oktabr, 2019|Янгиликлар|