МОҚ қошида ташкил этилган қўллаб-қувватлаш гуруҳи ўз фаолиятини бошлади

Президентимизнинг 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлари асосида спортчиларимизни яқинлашиб келаётган Токио Олимпиадасига ҳар томонлама пухта тайёрлаш, уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда қатор тизимли дастурлар ишлаб чиққан. Ана шундай дастурлардан бири бугун Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси ҳудудида жойлашган “Лазги” ресторанида ташкил этилди. Ушбу байрамона тадбир ноябрь ойида масъулиятли мусобақа арафасида турган каратэ ва камондан отиш бўйича терма жамоамиз вакиллари учун ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари тушлик пайти Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида жам бўлишди ва махсус тайёрланган автобусда манзил томон йўл олдилар. Унда иштирок этган юртимиздаги таниқли спорт фахрийлари сўз олиб, бундай маданий тадбирларнинг ўтказилиши спортчиларимизнинг янада юқори натижалар қайд этишида катта роль ўйнашини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди.

Унда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Тоҳир Содиқов ҳамда Рашид Халиков ва таниқли хонанда Зиёд Эшонхўжаев спортчиларимизга ўзларининг севимли қўшиқлар гулдастасини армуғон қилишди.

Тадбирда спортчилар номидан Осиё ўйинлари совриндори каратэчимиз Барно Мирзаева ҳамда камондан отиш бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони Зокиржон Гафуров сўзга чиқди.

«Бундай тадбирнинг ўтказилиши бизга янада куч бағишлайди. Биз спортчилар Президентимизнинг кўрсатаётган ғамхўрликларини ҳис қилиб турибмиз. Насиб қилса, Токио Олимпиадаси лицензияларига эга чиқиб, Олимпия ўйинларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ваъда берамиз«, – деди Барно Мирзаева.

Нега айнан ушбу спорт турлари, деган савол туғилиши табиий. Боиси каратэчиларимиз келаси ой Мадридда ўтажак Премьер-лига турнирида, камончиларимиз эса Бангкок мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатига йўл олишади. Аҳамиятлиси, Бангкок турнири мерганларимиз учун яккалик баҳсларида Токио Олимпиадасига йўлланма бериши мумкин бўлган сўнги мусобақадир. Премьер-лига эса Токио Олимпиадаси йўлида йирик рейтинг очко берадиган турнирлар сирасига киради. Бундан кейин бу каби маданий тадбирлар федерация мутасаддилари билан маслаҳатлашган ҳолда бошқа спорт турлари билан ҳам мунтазам ўтказиб борилади.