Ухань-2019: Таэквондочиларимиз ҳозиргача 3та олтин ва 1та кумуш медалга эга бўлишди

Хитойнинг Ухань шаҳрида Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинларида навбатдаги кун беллашувлари ортда қолди. Хабар берганимиздек, ушбу кун доирасида кечган беллашувларда таэквондочиларимиз ажойиб натижа қайд этиб, делегациямизнинг умумжамоа ҳисобида янада юқори поғонадан жой олишига катта хисса қўшишди (150га яқин мамлакат орасида 8-ўрин).

Кеча -49 килограмм вазн тоифасида Мадинабону Маннопова олтин медаллар шодасини бошлаб берган эди. Бугун Светлана Осипова (+73 кг) ҳамда Улуғбек Рашитов (-58 кг) ҳам ўз ҳисобига навбатдаги олтин медални ёзиб қўйган бўлса, Сардор Тоиров (-68 кг) финалда имкониятни бой бериб қўйди.

Шу тариқа таэквондочиларимиз айни пайтгача 3та олтин ва 1та кумуш медални қўлга киритиб улгурдилар. Таэквондо баҳслари яна 2 кун давом этади. Эртага баҳсларга киришадиган вакилларимизнинг илк рақиблари билан танишинг:

-53 кг: Чарос Қаюмова – Марам Эзат (Миср)
-62 кг: Феруза Содиқова – Юлия Тарутина (Россия)
-54 кг: Отабек Турғанбеков – Юнчул Пак (Жанубий Корея)
-63 кг: Нияз Пўлатов – Исломгали Абуов (Қозоғистон)

Яна бир аҳамиятли жиҳати ушбу мусобақада ғолиб бўлган таэквондочилар Олимпиада ва жаҳон рейтинг учун 20 баллга ҳам эга бўлишади. Миллий олимпия қўмитаси мусобақада иштирок этаётган ҳамюртларимизга омад тилаб қолади.

24 Oktabr, 2019|Янгиликлар|