Триатлон бўйича мураббийларимиз Москвадаги малака ошириш дастурида иштирок этишди

Триатлон бўйича Ўзбекистон терма жамоасида фаолият олиб бораётган мураббийлар Виктор Зародов, Шохруҳ Юнусов, Николай Ильин ва Жавоҳир Юнусов Москвада ташкил этилган “ЦиклОН” триатлон академияси интенсив машғулотлари – триатлон бўйича мураббийлар учун малака ошириш курсларида қатнашдилар.

32 соатлик интенсив машғулотлар давомида иштирокчилар маърузаларда қатнашдилар ва назарий билимларни амалда синаб кўрдилар.
Ўзбекистон Триатлон Федерацияси мамлакатда профессионал ва ҳаваскорлар ўртасида триатлонни ривожлантиришни мақсад қилган ва биринчи навбатда мураббийлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳар бир спорт турида бўлгани каби, триатлонда ҳам мураббийлар малакасини ошириш машғулотлар юқори савияда ташкил этилиши, профессионал триатлончилар ва ҳаваскорларни мусобақаларга тайёрлаш учун муҳим йўналиш ҳисобланади.

Ўқув курси дастури қуйидаги йўналишларни қамраб олди:

• Йиллик ўқув режалари ва ўқув машғулотларини даврийлаштириш усуллари;
• Ўқув режалари ва вазифаларини режалаштириш ва янгилаш;
• Сузиш ва югуришдаги асосий чеклаш хатоларини аниқлаш ва тузатиш;
• Сузиш, велоспорт ва югуриш бўйича видео-таҳлил.

Дастур натижасига кўра, мураббийлар Федерал жисмоний тарбия ва спорт илмий марказининг малака ошириш сертификатини қўлга киритдилар.

24 Oktabr, 2019|Янгиликлар|