Қатарда Миллий олимпия қўмиталари Ассоциациясининг Бош Ассамблеяси ўтказилди

17-18 октябрь Қатарнинг Доха шаҳрида Миллий олимпия қўмиталари Ассоциациясининг (МОҚА) XXIV Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Халқаро Олимпия қўмитасига аъзо 204 мамлакат вакиллари қаторида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, шунингдек, МОҚ президенти маслаҳатчиси Шерзод Асатуллаев ҳам қатнашди.

Ассамблеянинг биринчи кунида МОҚА раҳбарияти ва қитъалар кесимида ташкилотнинг ортда қолган вақт оралиғида қилган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди. Кеча 2022 йил Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинлари ва Сенегалдаги ўсмирлар Олимпиадаси, 2024 йили Парижда ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари, 2026 йил Милан/Кортина шаҳарлари мезбонлик қиладиган қишки Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарликлар юзасидан ҳисоботлар тингланди.

Ушбу учрашув давомида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах билан учрашиб, юртимизда спортни ривожлантириш ва соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юзасидан суҳбат олиб боришди.

Ўз навбатида Томас Бах Халқаро Олимпия қўмитасининг 125 йиллик фаолияти давомида бутун дунёда Олимпия ҳаракатини ривожлантириш йўлида олиб борилган ишлар юзасидан қилган нутқи йиғилганларнинг диққат-эътиборида бўлди.

 

Рустам Шоабдураҳмонов ва Шерзод Асатуллаев ушбу тадбир давомида бир қатор Миллий олимпия қўмиталари раҳбарияти билан учрашув ўтказишди. Хусусан, Россия, Япония, Куба, Корея Республикаси Миллий олимпия қўмиталарининг раҳбарлари билан олиб борилган учрашувлар мамлакатлараро спорт соҳасидаги ҳамкорлик ришталарини, Олимпия бирдамлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Суратлар муаллифи: Сергей Даилов