Осиёнинг энг кучли ёш боксчилари Тошкентда тантанали кутиб олинди

БААнинг Фужайра шаҳрида ўтказилган бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятли иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур мусобақада 8 та олтин, 3 та кумуш ва 9 та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган ўзбекистонлик ёш боксчилар бугун Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Ёш қаҳрамонларимизни кутиб олиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президентлари Сакен Полатов ва Азизжон Камилов, ЎФА раҳбарининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, спортчиларимизнинг яқинлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Яқинда Екатеринбургда акалари кўрсатган жасорат уларнинг бундай зафарли иштирок этишида улкан мотивация бергани аниқ. Шу тариқа бутун Осиё Ўзбекистонда яна бир ёрқин авлод етишиб чиқаётганига гувоҳ бўлди.