Халқаро гимнастика федерацияси ўзбекистонлик икки нафар спортчига Токио Олимпиадаси лицензиялари тақдим этилганини расман тасдиқлади

Айни кунларда Германиянинг Штутгарт шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етиб бормоқда. Ушбу дунё биринчилиги келаси йил Токио шаҳри мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларига тўғридан тўғри йўлланма бериши билан янада аҳамиятли.

Халқаро гимнастика федерацияси ушбу мусобақа арафaсида бир қатор спортчиларга Токио Олимпиадасида қатнашиш имкониятини берувчи йўлланма тақдим этди. Биз учун аҳамиятлиси ушбу лицензиантлар қаторида икки нафар вакилимиз Оксана Чусовитина ҳамда Расулжон Абдураҳимовнинг номларини ҳам кўришимиз мумкин.

Вакилларимиз дунё биринчилигида совриндорлар қаторидан жой ололмаган бўлсалар ҳам, ўзларининг юксак маҳорати билан халқаро мутасаддилар эътиборида бўлишди. Шу тариқа ўз номини тарих зарварақларига битган Оксана фаолиятида саккизинчи бор Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритмоқда.

Бу эса ўзбек ва жаҳон спорти тарихи учун улкан муваффақият демакдир. Регламентга кўра, ҳамюртларимиз келаси йил Токио Олимпиадасида ўзлари истаган йўналишда иштирок этишлари мумкин.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Оксана Чусовитина ва Расулжон Абдураҳимовни қўлга киритилган Олимпиада йўлланмалари билан чин дилдан муборакбод этиб қолади. Шу тариқа Токио Олимпиадасига лицензия олган спортчиларимиз сони 10 нафарга етди.