Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийига “Трекер” топширилди

7-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси оламшумул натижа билан билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритгани барчага маълум. Шубҳасиз, бундай натижалар замирида терма жамоа бош мураббийининг хизмати беқиёс. Ҳукуматимиз ўз касбига меҳр қўйиб, уни сидқи дилдан бажараётган инсонларни беэътибор қолдирмайди. Ўзбек боксининг айни пайтда эришган ютуқларида, боксимизнинг дунёдаги энг кучли мактаб бўлишида улкан хисса қўшган терма жамоа бош мураббийи Марат Галиевич Қурбонов меҳнатларига яраша муносиб тақдирланди. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Марат Қурбоновга Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан йўлланган совға – “Трекер” автомобили ва 100 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

 

“Меҳнатларимизни муносиб тақдирлаётган ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Бундай натижалар қайд этишимизда бизнинг бир жамоа бўлиб ишлаётганимизнинг ўрни катта. Насиб қилса, келаси йил Токиода ўтадиган Олимпия ўйинларида ҳам ўзбек боксининг нималарга қодир эканлигини яна бир карра намойиш этиб берамиз”, – деди Марат Қурбонов.

Тақдирлаш жараёнида сўз олган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Марат Галиевичнинг узоқ йиллик меҳнатларини алоҳида таъкидлаб, келгуси фаолиятида ҳам улкан омад ва саломатлик тилаб қолишди.