Камончиларимизнинг Токио Олимпиадаси йўлланмаси учун имкониятлари муҳокама қилинди

Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамаоси вакиллари ҳам Токио Олимпиадасига лицензия олиш учун астойдил тайёргарлик олиб бормоқда. Нидерландияда ўтган жаҳон чемпионати вакилларимиз учун омадсиз келган бўлса ҳам терма жамоамиз вакилларида шу йилнинг 21-29 ноябрь кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтадиган Осиё чемпионати орқали яккалик, келаси йил Германиянинг Берлин шаҳрида эса жамоавий йўналишда Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш имконияти мавжуд. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида вакилларимизнинг мазкур мусобақага олиб бораётган тайёргарлиги, мерганларимизнинг мусобақага қандай спорт формасида етиб бораётгани бўйича Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг ҳисоботи бўлиб ўтди.

Ҳисоботда Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раҳбари Отабек Имамов вакилларимизнинг бўлажак мусобақага олиб борган тайёргарлиги, Осиё чемпионатидан нималар кутилаётгани ҳақида гапириб берди. Шунингдек, йиғилиш давомида федерация фаолиятида юзага келаётган муаммолар, спортчиларни зарур тиббий воситалар билан таъминлаш масалаларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Маълумот учун, шу пайтгача турли мусобақалар орқали Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, Хитой Таипейи, Қозоғистон, Индонезия, Япония (мезбон сифатида) каби етакчи терма жамоаларда Токио Олимпиадасининг лицензиялари мавжуд. Мазкур жамоалар яккалик ва жамаовий баҳсларида лицензия учун курашда иштирок этишмайди. Шундай экан ҳамюртларимизда бу борада жуда ҳам қулай имконият бор. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мерганларимизга бўлажак мусобақада улкан муваффақият ва омад тилаб қолади.

9 Oktabr, 2019|Янгиликлар|