Паралимпиячиларимиз Токиода Рио-2016даги натижаларни яхшилаш ниятида

Бундан 3 йил муқаддам Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Паралимпия ўйинлари Ўзбекистон терма жамоаси учун қанчалик улкан ғалабалар билан ўтгани барчангизга маълум. Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси мутасаддилари Токиода ўтажак мусобақада Риодагидан ҳам юқори натижалар қайд этиш ниятида. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ҳисобот топширган Паралимпия ассоцияси раҳбарияти бу масалага алоҳида урғу бериб ўтишди.

Йиғилишда ҳисоботларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ва вице-президент Азизжон Камилов тинглади. Шунингдек, унда Паралимпия ассоциацияси раҳбари Мухторхон Ташходжаев ва бошқа мутасаддилар ҳам қатнашди.

Учрашув давомида пара-атлетика, пара-сузиш, пара-каноэ, пара-таэквондо, пауэрлифтинг, пара-дзюдо каби спорт турлари бўйича терма жамоамиз вакилларининг Паралимпия ўйинларига лицензия олиш режаси, халқаро ва маҳаллий ўқув-машғулот йиғинлари учун ишлаб чиқилган режалар, спорт турлари бўйича лицензия қўлга киритиш тизими атрофлича муҳокама қилиб чиқилди ва бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Токио Паралимпиадасига 7 нафар ҳамюртимиз йўлланма қўлга киритиб улгурган.

7 Oktabr, 2019|Янгиликлар|