Туркияда миллий спорт ўйинларига бағишланган йирик этнофестивал ўтказилмоқда

Айни кунларда Туркиянинг Истамбул шаҳрида Бутунжаҳон этноспорт конфедрациясининг тўртинчи маданий этноспорт йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 6 октябрга қадар давом этажак ушбу тадбирга Бутунжаҳон этноспорт конфедерация раҳбари Нажмиддин Билол Эрдоған раислик қилмоқда.

Мазкур тадбирда бутунжаҳон этноспорт вакиллари иштирок этишмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси президенти Отабек Имамов ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев юртимиз номидан қатнашмоқда.

Ушбу фестивални ташкил қилишдан мақсад нафақат этноспорт соҳаларини балки маданий-маърифий, туризм алоқаларини йўлга қўйиш, қолаверса, йўқолиб бораётган миллий ўйинларни қайта тиклаш, уларни ёш авлодга ҳам етказишдир. Этнофестивалда отда ва пиёда камондан отиш, белбоғли кураш, от устида найза улоқтириш, манкала каби спорт турлари бўйича баҳслар олиб борилмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, фестивалда қатнашиш учун Истамбулда 20 дан ортиқ мамлакатдан 1000 дан зиёд спортчилар 12 та миллий спорт ўйинлари бўйича иштирок этмоқда.

Тадбир давомида ўзбек маданияти, урф-датлари ва миллий қадриятлари тарғиб қилинмоқда. Мамлакатимиз учун ажратилган бўлимда ҳамюртларимиз томонидан олиб борилаётган бир-биридан қизиқарли кўнгилочар дастурлар, чиройли ҳунармандчилик буюмлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Айниқса, “Ошдан қайтганнинг қошиғи синсин” шиорои остида бугун дамланаётган 100 килограмм ош кўпчиликнинг диққат-марказида бўлиб турибди. Қуйида фестивалдан олинган бир қатор фотосуратларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

5 Oktabr, 2019|Янгиликлар|