Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси раиси Халқаро федерация раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси раиси Ойбек Норинбоев Халқаро ўқ отиш спорти федерацияси раҳбари Владимир Лисин билан учрашди. Ушбу суҳбат Москва вилоятидаги энг замонавий ўқ отиш комплексларидан бири “Тулки ини” марказида бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида ўқ отиш спортининг Ўзбекистондаги равнақи, уни янада ривожлантириш ҳамда йирик халқаро мусобақаларни юртимизда ўтказиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, Тошкент вилоятида барпо этилаётган ўқ отиш комплексини халқаро ташкилот билан ҳамкорликда энг замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, спортчиларга ўқ отиш сир-асрорларини ўргатишда энг замонавий ва инновацион методикаларни қўллаш, хорижлик терма жамоалар билан қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш мавзулари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув сўнггида Владимир Лисин юртимизда спорт ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳатларни ўз кўзи билан кўриш ниятида яқин вақт ичида расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиш истаги борлигини билдириб ўтди.

2 Oktabr, 2019|Янгиликлар|