Самарқандда триатлон бўйича Ўзбекистон кубогининг якуний босқичи ўтказилди

Самарқанд шаҳридаги Республика эшкак эшиш канали ҳудудида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан Ўзбекистон триатлон федерацияси кўмагида триатлон бўйича Ўзбекистон кубогининг финал босқичи ташкил этилди. Ҳал қилувчи босқич баҳсларида Республикамизнинг 100 нафардан зиёд атлетлари турли ёш тоифаларида ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Шуҳбҳасиз, федерация мутасаддилари томонидан асосий эътибор Олимпия ўйинлари дастурига киритилган йўналишга қаратилди. Унда иштирокчилар 1,5 километрни сузиш, 40 километрни велосипед ва 10 километрни югуриш пойгасида ўтказишди. Катталар ўртасида пойтахтлик Валерий Понмаренко ҳамда навоийлик Алина Ҳакимова, ёшлар орасида қашқадарёлик Арслон Турсунов ва Навоий вилояти вакиласи Зулайҳо Нуриллаева энг яхши натижани қайд этиб, олтин медалларга эгалик қилдилар. Ўсмирлар ўртасида кечган спринт йўналишида эса тошкентлик Камрон Хожиев ва қашқадарёлик Севара Бобоқуловага тенг келадигани топилмади. Умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри биринчи ўринни эгаллади. Пойтахтлик триатлончиларни бу борада Навоий ва Қашқадарё вилояти вакиллари жиддий таъқиб этиб боришди.

1 Oktabr, 2019|Янгиликлар|