Дунёнинг энг зўр боксчилари муносиб тақдирланишди

7-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича 20-жаҳон чемпионати ўтказилиб, унда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 3 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритганидан хабарингиз бор. Шубҳасиз, бундай натижани дунёнинг ҳеч бир терма жамоаси вакиллари такрорлай олмади. Куни кеча дунё биринчилигида қатнашган вакилларимиз тантанали кутиб олинган бўлса, бугун улар ўз меҳнатларига яраша муносиб тақдирланишди. Бугун пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейида қаҳрамонларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, шунингдек, таниқли спортчиларимиз, мураббийлар, федерациялар вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тақдирлаш маросимида Ачилбай Раматов боксчиларимизнинг қайд этган ажойиб натижалари билан қутлаб ўтди.

“Хабарингиз бор, куни кеча муҳтарам Президентимизнинг жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этган боксчиларимиз ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш бўйича фармони эълон қилинди. Бу юртимизда спортга қаратилаётган юксак эътибор намунаси. Екатеринбургда ўтган жаҳон чемпионати биз учун ютуқ ва баъзи камчиликларимизни кўриб олишда ёрдам берди. Биз бу билан сира тўхтаб қолмаслигимиз керак. Бутун дунёда бокс ривожланиб бораверади. Шу боис ҳам биз ўсишдан тўхтамаслигимиз лозим. Эндиги мақсадимиз Токио Олимпиадаси учун максимал даражада лицензия олиш ва Японияда ҳам камида мана шундай натижани такрорлашдир. Бизга Ватанини севадиган мана шундай фарзандлар керак. Уларни тарбиялаган ота-оналари ва мураббийларига катта раҳмат айтиб қоламан. Қолаверса, яқинлашиб келаётган байрам билан барча устоз ва мураббийларни чин дилдан табриклайман”, – деди Ачилбай Раматов.

Боксчилар номидан терма жамоа сардори Баҳодир Жалолов сўзга чиқиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Авваламбор, бизни мана шундай натижа қайд этишимизга катта сабабчи бўлган азиз мураббийларимизни яқинлашиб келаётган байрам билан табриклаб қоламан. Уларнинг таълимисиз биз бундай ютуққа эришолмасдик. Бу ғалабаларимиз ҳали узоқ вақт давом этади. Келаси йил Токио Олимпиадасида ҳам халқимизнинг, Президентимизнинг юксак ишончини оқлашда давом этамиз”, – деди Баҳодир Жалолов.

Тадбир давомида жаҳон чемпионатида мана шундай муваффақиятга эришишимизда ўз хиссасини қўшган спортчи ва мураббийлар, шунингдек, федерациянинг бир гуруҳ ходимлари турли миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирланишди. Шундан сўнг тақдирлаш маросимининг энг кулиминацион нуқтаси бошланди. Унда жаҳон чемпионати қаҳрамонларига “Президент совғаси” топширилди. Унга кўра, олтин медални қўлга киритган боксчиларимиз Шаҳобиддин Зоиров, Миразиз Мирзаҳалилов ва Баҳодир Жалоловга “Chevrolet Tracker”, кумуш медаль соҳиби Дилшодбек Рўзметовга “Chevrolet Gentra”, бронза медалини қўлга киритган Бобоусмон Батуровга “Nexia-3” автомашинаси топширилди.

Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва юксак ишонч боксчиларимизнинг келгусидаги фаолиятида катта мотивация бериши, шубҳасиз. Уларнинг бундай тақдирланиши эса ёшларни спортга янада жалб этишда ва оммавий спортни тарғиб қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.