Спорт курашлари ассоциацияси МОҚда ҳисобот топширди

Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида спорт курашлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати терма жамоамиз учун муваффақиятли якунланганидан хабарингиз бор. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида спорт курашлари ассоциацияси билан жаҳон чемпионати якуни ва олдиндани режаларга бағишланган ҳисобот бўлиб ўтди. Учрашувни МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов олиб борди.

Ҳисобот Нур-Султан шаҳридаги жаҳон чемпионати орқали Токио Олимпиадасига лицензия олган спорчтиларимизни тақдирлаш билан бошланди. Белгилаб қўйилганидек, лицензия қўлга киритган спорчтиларимиз 100 миллион, уларнинг мураббийлари эса 50 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Йиғилишда ассоциация Бош котиби Шуҳрат Мамадалиев Токио Олимпиадасига лицензия қўлга киритган курашчиларимизни Олимпиадага тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилаётган дастур билан таништириб ўтди. Шунингдек, дунё биринчилигида йўлланма ололмаган вакилларимизнинг келаси йили Олимпиадага лицензия берадиган квалификацион мусобақаларга пухта тайёрлаш дастури ҳам кўриб чиқилди. Ўз навбатида Рустам Шоабдураҳмонов терма жамоамиз вакиллари учун тайёргарлик жараёнида камчилик ва муаммолар юзага келгудек бўлса, Миллий олимпия қўмитаси доимо ёрдам беришга тайёр эканини билдириб ўтди.

Ҳисобот давомида терма жамоамиз вакилларининг олдинда турган йирик стартларга тайёгарлиги атрофлича муҳокама қилинди.

27 Sentabr, 2019|Янгиликлар|