Сузувчиларимиздан яна икки медаль, бу гал йигитларимиз қозоғистонлик сув полочилардан устун келишди

Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида сув спорти турлари бўйича турли ёш тоифадаги гуруҳлар ўртасида ўнинчи Осиё чемпионати давом этади. Вакилларимиз ушбу мусобақанинг ҳар бир кунида шоҳсупага кўтарилиб келишмоқда. Ортқа қолган навбатдаги кун ҳам спортчиларимиз учун муваффақиятли ўтди.

Сузувчимиз Хуршиджон Турсунов 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича ўтказилган беллашувда 50,56 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди. Шунингдек, ёшлар ўртасидаги баҳслар доирасида Адилбек Юсупбаев 100 метрга чалқанча сузиш беллашувида бронза медали билан тақдирланди.

Яна бир эътиборли томони, аёллар жамоасидан сўнг сув полоси бўйича эркаклар терма жамоамиз гуруҳ босқичида қозоғистонлик рақибларига қарши беллашувда 10:9 ҳисобида устун келиб, муваффақиятли юришларини давом эттиришмоқда. Афсуски, бу турда қизларимиз бўлажак Олимпиада мезбонларига 12:16 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди.

27 Sentabr, 2019|Янгиликлар|