МОҚ раҳбари Ўзбекистон хоккей федерациясига табрик йўллади

Хабар берганимиздек, кеча Ўзбекистон хоккей федерацияси Халқаро хоккей федерацияси таркибига расман қабул қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон хоккей федерацияси раиси Бахтиёр Фазиловга табрик йўллади. Жумладан, унда шундай дейилади:

Ҳурматли Бахтиёр Шуҳратович,

Сизни Ўзбекистон хоккей федерациясининг Халқаро хоккей федерациясига аъзо бўлгани билан чин дилдан муборакбод этаман. Бу воқелик ўзбек спорти тарихида унутилмас кунлардан бири сифатида муҳрланиб қолажак.

Муҳтарам Президентимизнинг жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, спортнинг қишки турларига қаратаётган юксак эътибори ўлароқ пойтахтимизда замонавий “Ҳумо арена” муз саройи қад ростлади. Бу йилдан эътиборан Россия Олий хоккей лигасида иштирок этаётган Тошкентнинг “Ҳумо” жамоаси ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Бундай муваффақиятлар замирида, шубҳасиз, Сизнинг ҳам ўз хиссангиз бор.

Сизни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва катта спорт жамоатчилиги номидан юртимизда хоккей бўйича эришилаётган мана шундай ғалабалар билан табриклаб, машаққатли фаолиятингизда янада катта куч-ғайрат тилаб қоламан. Ишонаманки, хоккей бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳам халқаро майдонларда муносиб иштирок этиб, яқин йиллар ичида қишки Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга кирита олади.

Ҳурмат ва эҳтиром ила,
МОҚ президенти Р.Шаабдурахманов

 

27 Sentabr, 2019|Янгиликлар|