“Ҳар бир қалбнинг давоси – меҳр” концерт дастури минглаб қалбларга илиқлик бахш этди

Аҳолининг ҳар қандай қатламига юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга меҳр-муруввут улашиш халқимизнинг энг эзгу қадриятларидан биридир. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили аҳолининг ана шундай қатламига юксак эътибор кўрсатиб, улар учун катта хайрия тадбирлари ташкил қилиб келинади. Бу йил “Ҳар бир қалбнинг давоси – меҳр” шиори остида ўтказилган байрам дастури имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган ёшлар учун чинакам қувонч улашди. Ушбу тадбирда мурувват ва ногиронлар уйи тарбияланувчилари, шунингдек, Ўзбекистон Миллий Паралимпия терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этишди.

“Юртбошимизнинг бизларга қаратаётган катта эътиборларини, меҳрларини ҳис қилиб турамиз. Келажакда уларнинг ва халқимизнинг ишончини оқлашга биз Паралимпия терма жамоаси вакиллари ваъда берамиз. Мен пара-таэквондо билан шуғулланаман. Жаҳон чемпионатида совриндор бўлганимдан кейин Токиода ўтадиган Паралимпия ўйинларига ҳам лицензия олиб, у ерда ҳам юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга сўз бераман. Ушбу тадбир кучимизга куч қўшиб, бизни янада шижоатли қилди ва бу билан ҳеч кимдан кам жойимиз йўқлигини кўрсатиб берди. Концерт шу қадар таъсирли чиқдики, жамоадошларим билан кўз ёшларимизни тийиб тура олмадик. Бизларга шунчалик эътибор қаратиб, шуғулланишимиз учун шароит яратиб бераётган ҳукуматимизга чуқур миннатдорчилик билдириб қоламиз”, – деди Паралимпия терма жамоаси аъзоси Гулжаной Наимова.

“Халқлар дўстлиги” санъат саройида ўтказилган байрам кечасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сўзга чиқиб, юртимизда меҳрга муҳтож инсонларга ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибор хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди.

Тадбир давомида мазкур йўналишда ижод қилиб, миллионлаб қалбларга меҳр улашаётган турли касб эгалари ўз номинациялари бўйича тақдирланишди. Шундан сўнг кечанинг бадиий қисмига навбат берилди. Элимиз суйган санъаткорларнинг таъсирли саҳна кўринишлар остида тайёрлаган чиқишлари санъат саройига йиғилган минглаб инсонлар юрагининг туб-тубигача етиб борди.

26 Sentabr, 2019|Янгиликлар|