Осиё Олимпия кенгашининг ишчи гуруҳи МОҚга ташриф буюрди

Маълумки юртимиз келажакда йирик комплекс спорт мусобақаларини қабул қилиш йўлида катта ҳажмдаги ишларни олиб бормоқда. Хусусан, 2025 йили ўсмирлар Осиё ўйинлари, 2030 йили Осиё ўйинларини қабул қилиш шулар жумласидандир. Айни пайтда Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) бир қатор вакиллари юртимизда бўлиб туришибди. Уларнинг асосий мақсади юқорида тилга олиб ўтилган мусобақаларни қабул қилиш учун Ўзбекистоннинг имкониятларини ҳар томонлама ўрганиб чиқишдир. 2 кун ичида Халқаро ташкилот вакиллари Тошкентдаги қатор спорт объектларини батафсил кўздан кечириб ўтишди. Бугун ООК фахрий ва умрбод вице-президенти Вей Жижонг бошчилигидаги делегация ўз хулосалари билан ўртоқлашиш учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Меҳмонларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов кутиб олди. Шунингдек, суҳбатда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов ҳам иштирок этди.

Йиғилишда Вей Жижонг делегациянинг якуний хулосасини ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистонга 4 йил муқаддам ташриф буюрган эдим. Ўша давр билан солиштирганда жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Бу эса мамлакатингизнинг анча ривожланганини англатади. Ўзбекистон ўсмирлар Осиё ўйинларини қабул қилиши борасида бизда ҳеч қандай эътироз йўқ. Қисқа фурсат ичида бартараф этиш мумкин бўлган баъзи кичик жиҳатларни айтмаса, ҳозирнинг ўзидаёқ юртингиз мусобақани юқори савияда ўтказа олишига ишонамиз. Айниқса, футбол, таэквондо, дзюдо, спорт курашлари, оғир атлетика, теннис, гольф, ўқ отиш спорт турларини ўтказиш учун барча нарса шай. Бироқ Осиё ўйинлари учун бошқача ёндошув керак. Негаки, бу катта масштабдаги мусобақа. Ареналар, мамлакатнинг технологик ва логистик салоҳиятида қилишини керак бўлган баъзи ишлар бор. Лекин шуни айта оламанки, асосийси сизларда Осиё ўйинларини ҳам қабул қилиш учун етарли потенциал бор. Бу, аввало, шахсан Президентингиз қўллаб-қувватлаши ва халқингизнинг спортни яхши кўришида кўринади. Шундай жиҳатлар билан қолган камчиликларни бартараф этиш катта муаммо эмас”, – деди Вей Жижонг.

Ўз навбатида Рустам Шоабдураҳмонов ҳам юртимизда Осиё ўйинларини қабул қилиш учун ишлаб чиқилаётган режалар, ҳукуматимизнинг бу ташаббусни қанчалик қўллаб келаётгани борасида айтиб ўтди.

“Аввало, аризамизга беэътибор бўлмай, юртимизга делегация жўнатган Осиё Олимпия кенгаши ва Сизларга чуқур миннатдорчилик билдириб қоламиз. Айтиб ўтганингиздек, давлатимиз раҳбари спортга жуда катта эътибор қаратмоқда. Ёшларимизни жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш ғоясига ҳукумат даражасида қаралади. Сизларнинг берган тавсиянгиз биз учун жуда қимматли. Ана ўша йўналишлар бўйича биз тайёргарликнинг кейинги босқичларини олиб борамиз. Спорт объектларини қуриш борасида ҳукуматимиз бизни қўллаб-қувватлайди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан бу борада катта дастурлар ишлаб чиқилган. Ишонтириб айта оламанки, халқаро ташкилот ҳар икки мусобақани ҳам Ўзбекистонга ишониб топширса, биз уни юқори савияда ўтказиб бера оламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Йиғилиш давомида делегация вакиллари ҳар бир спорт тури бўйича халқаро федерациялар қўйган талаблар, ушбу мусобақаларни ўтказиш тартиблари бўйича қўшимча маълумотларни бериб ўтишди. Музокараларнинг кейинги қисми 28 сентябрь куни Дохада ўтадиган Осиё Олимпия кенгашининг Ижроқўм йиғилишида давом этади. Унда Ўзбекистон томони мусобақани ўтказиш борасида ишлаб чиққан тақдимотини йиғилиш иштирокчиларига намойиш этади.