Қиличбозликда Марказий Осиё минтақасидан илк бор ҳамюртимиз Олимпия ўйинларида ҳакамлик қилади

Олимпия ўйинлари иштирок этиш спорт ичида юрган ҳар қандай соҳа вакилларининг орзуси. У хоҳ спортчи бўлсин, журналист, ҳакам ва ҳоказо. Кеча Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига Халқаро қиличбозлик федерациядан келган расмий мактуб Аида Ҳасанова учун чинакам байрамга айланиб кетди. Ушбу хатда халқаро тоифадаги ҳакам ҳамюртимиз Аида Ҳасанованинг исм-шарифи келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида фаолият олиб борувчи ҳакамлар қаторида келтириб ўтилган. Эътиборингизга қиличбозликнинг уч йўналишида ҳам юқори савияда ҳакамлик қила оладиган ушбу ҳамюртимизнинг фаолияти ва Олимпиада йўлланмаси учун босиб ўтган йўли мавзусида олган интервьюмизни ҳавола қиламиз.

Ҳакамликка қадам

Спортчи бўлганимда рапирада жанг қилганман. Атлетлик фаолиятимни якунлаганимдан кейин бор эътиборимни ҳакамликка қаратдим. Мусобақаларда беллашиб юрганимда ҳам фаолиятимни тугатсам, ҳакамлик қилишни ният қилиб қўйгандим. 2014 йил Иорданияда ўтказилган имтиҳонни аъло баҳога топшириб, халқаро тоифадаги ҳакам даражасини олдим”.

Олимпиадада ҳакамлик қилиш

“Олимпиада учун ҳакамлар ҳам худди спортчилар каби рейтинг очколарини йиғиб боришади. 2014 йилдан бери секин-аста катта-катта мусобақаларда ишладим. Бу йил жаҳон чемпионатининг финалларида ҳам ҳакамлик қилдим. Айни пайтда жамғарган балларим Токио Олимпиадасида ишлаш учун етарли бўлди. Бироқ керакли балл йиғган ҳамма ҳам Олимпиадага бора олмайди. Бунинг учун Халқаро қиличбозлик федерациясининг ҳакамлар комиссияси ушбу номзодлар орасида 30 га яқин энг сара рефериларни танлаб олади”.

Олдиндаги режалар

Мен ёшлигимдаги орзуларимдан бирига эришдим. Ўз устимда ишлаб, Олимпиада финалида ҳам ҳакамлик қилиш учун астойдил меҳнат қиламан. Финалда спортчилар қатори ҳакамларни ҳам бутун дунё диққат билан кузатиб боради. Бу билан тўхтаб қолиш йўқ, албатта. Токиодан кейин Париж ва Лос-Анжелес Олимпиадаларида ишлайдиган ҳакамлар қаторига кириш учун ҳам ҳаракат қиламан”.

Эътиборли рақамлар

Аида Ҳасанова халқаро тоифадаги ҳакамлик даражасини олгандан бери Олимпиадачилар қаторига кириш учун 5 йил ишлади. Ушбу ҳамюртимиз Токиода фаолият олиб борадиган аёл ҳакамлар орасида ягона. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасидан Олимпиадада ишлайдиган биринчи ҳакам бўлади.

Токио Олимпиадасида нафақат спортчилар, балки ҳакамлар қаторида ҳам юртдошларимизнинг фаолият олиб бориши биз учун фахр. Зеро, Аида Ҳасановадек тажрибали ҳакамларимизнинг кўпайиши қиличбозликнинг юртимиздаги ривожи учун улкан хисса қўшиши табиий. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Аида Ҳасанованинг келажакдаги фаолиятида янада улкан муваффақиятлар тилаб қолади.