Дзюдочиларимиз учун янги замонавий зал фойдаланишга топширилди

4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши соҳа ривожида улкан бурилишлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ҳудуларга ташрифи давомида енгил конструкцияли (сэндвич-панелли) спорт иншоотларини қуриш бўйича кўрсатма берилган эди. Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳам қисқа фурсатда ана шундай енгил конструкцияли машғулот залини бунёд этди ва зал фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш тадбирида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ва унинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов иштирок этишди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан расмийлар кеча ниҳоясига етган дзюдо бўйича Тошкент Гран-присида терма жамоамиз вакилларининг 70 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритишагинини алоҳида таъкидлаб, спортчиларимизга Токио Олимпиадасида ҳам мана шундай муваффақиятли иштирок тилаб ўтишди.

Янги объект 16,5х28 метр ўлчамга эга бўлиб, айтиб ўтилганидек энг замонавий анжомлар билан жиҳозланган. Ишонамизки, ушбу жойга тўшалган татамилар дзюдочиларимиз учун Токио Олимпиадаси медаллари йўлида хизмат қилиб қолади.

23 Sentabr, 2019|Янгиликлар|