Баҳодир Жалолов финалда ғалаба қозонди ва Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧни биринчи ўринда якунлади

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича юбилей 20-жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Мусобақанинг энг сўнгги финали ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов (+91 кг) ва қозоғистонлик Камшибек Конкабаев иштирокида кечди.

Бу баҳсда супер оғир вазн тоифасига эга вакилимизнинг қўли баланд келиб, Баҳодир Жалолов фаолиятида илк бор жаҳон чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлди. Шу тариқа терма жамоамиз вакилларининг мусобақада қўлга киритган медаллари 3 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронзани ташкил этмоқда. Делегациямиз бундай натижа билан жаҳон чемпионатини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлади! Мезбон Россия терма жамоаси эса 3 та олтин медаль билан иккинчи поғонадан жойлашди.

Яна бир аҳамиятли жиҳати Жалолов ўзининг азалий рақиби билан ўзаро ҳисоб-китоб бўйича олдинга чиқиб олди. Бунгача мазкур боксчилар 4 маротаба тўқнаш келишган ва ҳисоб 2:2 кўринишида турган эди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бокс бўйича терма жамоамиз вакилларини 20-жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этгани билан муборакбод этиб қолади. Қуйида мазкур жаҳон чемпионатида совриндор бўлган вакилларимизни яна бир бор ёдга олиб ўтамиз:

Олтин медаль:
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразиз Мирзаҳалилов
+91 кг: Баҳодир Жалолов

Кумуш медаль:
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов

Бронза медаль:
-69 кг: Бобоусмон Батуров