Ҳасанбой Раҳимов Токио Олимпиадасига йўлланма қўлга киритди

Қозоғистон пойтахтида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатининг навбатдаги куни терма жамоамиз учун муваффақиятли бошланди. Бироз аввал -125 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз Ҳасанбой Раҳимов Токио-2020га лицензия қўлга киритди.

Молдовалик Александр Романовни 6:0 ҳисобида мағлуб этган Раҳимов кечки дастурда бронза медали учун курашиш имконияти ва энг асосийси Токио Олимпиадасининг йўлланмасини қўлга киритди. Ҳамюртимиз бронза медали учун хитойлик Живеи Денга қарши гиламга чиқади.

Эслатиб ўтамиз, бу терма жамоамизнинг Токио Олимпиадасига қўлга киритган саккизинчи йўлланмасидир. Кечки дастарда -86 ва -97 килограмм вазн тоифаларида Жавраил Шапиев ҳамда Магомед Ибрагимов ҳам Олимпиадага йўлланмаси учун кураш олиб борадилар.

Суратлар муаллифи: Анвар Ильясов