Оғир вазнли эркин курашчилар баҳси давом этади

Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати ҳам ўз якунига етиб бормоқда. Бугун эркин кураш бўйича оғир вазн тоифаларида саралаш босқичлар, Олимпиада йўлланмасини берувчи ва медаллар учун баҳслар ўтказилади.

Бугун 3 вазн тоифасида саралаш беллашувлари ўтказилади. Улардан -86 ва -97 кг вазн тоифалари Олимпия ўйинлари дастурига киритилган бўлиб, диққат-марказимизда кўпроқ бўлиши табиий.

-79 кг: Рашид Қурбонов – Жанг Вумин (Жанубий Корея)
-86 кг: Жавраил Шапиев – Александр Гоциев (Озарбайжон)
-97 кг: Магомед Ибрагимов – Радослав Баран (Польша)

Кеча -125 кг вазн тоифасининг чорак финалида ҳамюртимиз Ҳасанбай Раҳимовни мағлуб этган туркиялик Таха Акгул финалгача етиб борди ва Раҳимовда Олимпиада йўлланмаси учун курашиш имконияти сақлаб қолинди. Юртдошимиз молдовалик Александр Романовни мағлуб этса, Токио Олимпиадаси йўлланмаси ва бронза медали учун курашиш имкониятини қўлга киритади. Ихтиёр Наврўзов (-70 кг) эса бронза медали учун ўтиш босқичида курашади. Унинг бу йўлдаги рақиби Беларусь ва грузин вакиллари ўртасидаги баҳсдан сўнг аниқланади.

Олимпиада йўлланмаси ва бронза медали учун ўтиш босқичи:
-125 кг: Ҳасанбой Раҳимов – Александр Романов (Молдова)

21 Sentabr, 2019|Янгиликлар|