Тарихий воқелик! Юнон-рим курашчиларимиз ЖЧни умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда якунлашди

Нур-Султан шаҳри мезбонлик қилаётган спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатида юнон-рим кураши усталарининг чиқиши якунланди. Эътиборлиси, унда Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Таъкидлаш жоиз, терма жамоамиз жаҳон чемпионатларида илк бор кучли учликдан жой олгани янада аҳамиятли.

Бу борада россиялик курашчилар етакчилик қилишди. Шунингдек, грузин полвонлари кучли учликни якунлаб берган. Бу натижа терма жамоамиз учун жорий йилнинг 30 ноябрь – 1 декабрь кунлари Эрон пойтахтида ўтадиган энг кучли 8 терма жамоа иштирокидаги жаҳон кубогида иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида классик курашчиларимиз 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритишди. Қолган вакилларимиз эса умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни олишимиз учун қимматли очколар тақдим қилдилар. Жаҳон чемпионатида қуйидаги вакилларимиз совриндор бўлишди:

Кумуш медаль:
-72 кг: Арам Варданян

Бронза медал:
-77 кг: Жалгасбай Бердимуратов
-87 кг: Рустам Ассакалов

 

Суратлар муаллифи: Анвар Ильясов