Варданян финалда, Ҳошимбеков бронза медали учун курашади

Нур-Султан шаҳрида (Қозоғистон) спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи кун беллашувлари ўз якунига етди. Регламентга кўра, бугун юнон-рим кураши бўйича -55, -63, -72 ва -82 килограмм вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилди.

Эътиборлиси, -72 килограмм вазнда иштирок этган юртдошимиз Арам Варданян жаҳон чемпионатининг финалига йўл олди. Спортимиз ярим финалда болгариялик Аик Мнацаканяни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Олтин медаль учун кечадиган курашда спортчимиз россиялик Абузаид Манциговга қарши баҳс олиб боради.

 

Афсуски, -82 килограмм вазн тоифасида Нурбек Ҳошимбеков финал учун кечган беллашувда грузиялик Лаша Гобадзега 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Варданяннинг финали ва Ҳошимбековнинг бронза медали учун кечадиган кураши эртага бўлиб ўтади. Таъкидлаш жоиз, бугун ўтказилган вазн тоифалари Токио-2020 Олимпиадасида амал қилмайди. Эртадан Олимпия вазн тоифасидаги курашчилар баҳсларга киришади.

Суратлар муаллифи: Анвар Ильясов

14 Sentabr, 2019|Янгиликлар|