Дзюдо федерациясида Тошкент Гран-присининг ташкилий ишларига бағишланган йиғилиш ўтказилди

20-22 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” кўп тармоқли муз саройи дзюдо бўйича Тошкент Гран-присига мезбонлик қилади. Бу йилги Гран-при турнирига сайёрамизнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 500 нафарга яқин спортчи ташриф буюради. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, унда жаҳоннинг энг кучли дзюдочилари Токио Олимпиадасининг қимматли рейтинг очколари учун ҳам кураш олиб борадилар.

Юқоридаги рақамлар ва мусобақанинг муҳимлиги Гран-при тайёргарлигига ҳар томонлама ўта жиддий ёндошувни талаб этади. Таъкидлаш жоиз, 23-24 сентябрь кунлари “Ҳумо арена”да пара-дзюдо бўйича ҳам Гран-при ўтказилиши белгиланган. Айни паллада мусобақаларга кўрилаётган ҳозирлик ўзининг қизғин палласида. Бугун Ўзбекистон дзюдо федерациясида Гран-прига тайёргарлик кўриш мавзусига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси Бош котиби Дониёр Илҳомов, Миллий олимпия қўмитаси вакиллари, шунингдек, кўплаб мусобақалар ташкил қилишда улкан тажрибага эга бўлган бир қатор спорт мутасаддилари иштирок этишди.

Мусобақа сайёрамизнинг кўплаб давлатларига тўғридан тўғри трансляция қилинади. Ўз навбатида, унда кўплаб маҳаллий журналистлар ҳам фаолият олиб боради. Қолаверса, Халқаро дзюдо федерацияси ва 50 дан ортиқ мамлакат вакилларини кутиб олиш, уларни жойлаштириш, аренада фаолият олиб борадиган халқаро мутахассислар ва журналистлар учун керакли шарт-шароитлар яратиб бериш ушбу йиғилишнинг кун тартибига қўйилган асосий мавзулари бўлди. Учрашув давомида мусобақа атрофида қилиниши керак бўлган ташкилий масалалар, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

14 Sentabr, 2019|Янгиликлар|