“Ҳумо”нинг биринчи парвози жуда омадли бўлди

Узоқ йиллик танаффусдан сўнг бугун юртимизга хоккей нафаси қайтди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Тошкентнинг “Ҳумо” хоккей клуби Олий хоккей лигасида дастлабки уй учрашувини ўтказди. Табиийки, Россиянинг “Рязань” клубига қарши кечган бундай тарихий баҳс юртимиздаги барча спорт жамоатчилигининг эътибор марказида турди.

“Ҳумо арена” муз саройида ўтказилган тантанали очилиш ўйинида иштирок этган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон хоккей федерацияси мутасаддилари ушбу воқелик спортимиз тарихида унутилмас кунлардан бири бўлиб қолишини таъкидлаб ўтдилар.

Бевосита учрашув тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, минглаб мухлислар кўз ўнгида ҳаракат қилган “Ҳумо” вакилларида биринчи даврда катта ҳаяжон сезилиб турарди. Танаффусда мураббийдан тегишли кўрсатмаларни олган тошкентлик хоккейчилар қолган 2 даврда рақибларига ҳеч қандай имконият қолдиришмади ва ўйинни 5:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилдилар.

Шу ўринда биз ҳам бундай тарихий ғалаба билан барча юртдошларимизни табриклаб, “Ҳумо” жамоасининг келгуси ўйинларида янада улкан ва чиройли ғалабалар ёр бўлишини тилаб қоламиз.