Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи енгил атлетикачиларимиз таркиби маълум

27 сентябрдан 6 октябрга қадар Қатар пойтахти Доха шаҳрида енгил атлетика бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этадиган мазкур мусобақага Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ўзининг асосий таркиб спортчилари билан ташриф буюради.

Мусобақани ҳамюртларимиз орасида баландликка сакраш секторида Светлана Радзивил ҳамда Надия Дусанова саралаш босқичидан бошлаб беришади. Шунингдек, Руслан Қурбонов уч ҳатлаб сакраш, Ситора Ҳамидова ва Андрей Петров марафон, Екатерина Воронина кўп кураш йўналишида баҳс олиб боради.

Жорий йилнинг апрель ойида айнан мазкур ЖЧга мезбонлик қиладиган аренада ўтган қитъа биринчилигида бира тўла уч нафар вакилимиз: Надия Дусанова, Екатерина Воронина ҳамда Руслан Қурбонов олтин медал бирга ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишган эди. Қолган вакилларимиз эса турли халқаро мусобақаларда мундиал нормативларини бажаришга муваффақ бўлдилар. Доха мезбонлик қиладиган ушбу дунё биринчилигида ҳам ҳамюртларимизнинг камида Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи нормативларни бажариб қайтишларини тилаб қоламиз.

5 Sentabr, 2019|Янгиликлар|