Токио Паралимпиадасига лицензия олган спортчилар ва уларнинг мураббийлари тақдирланишди

21-25 август кунлари Венгриянинг Цегед шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган мазкур мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам муваффақиятли ўтиб, унда вакилларимиз Олимпия ўйинларига 2 та, Паралимпия ўйинларига эса 3 та йўлланма қўлга киритишди.

Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова каноэда эшкак эшиш бўйича 500 метр масофага кечган жуфтлик йўналишида Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олишган. Шунингдек, мазкур жаҳон чемпионатида Шаҳноза Мирзаева KL3 йўналишида олтин медаль ва Паралимпиада лицензиясини, Азизбек Абдулҳабибов ҳамда Ҳайитмурод Шерқўзиев совринли ўринларга илина олишмаган бўлишса ҳам Паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи поғонада финишга етиб келишган эди. Бугун Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясида Токио-2020 Паралимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритган спортчилар ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президенти Сакен Полатов, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов, Паралимпия ассоциацияси раҳбари Мухторхон Ташходжаев ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбирда Ойбек Касимов ва Сакент Полатов сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан қаратилаётган бундай эътибор спортчиларнинг янги ғалабаларига пойдевор бўлишини таъкидлаб, уларнинг келгусидаги фаолиятида ҳам омад ва зафарлар тилаб ўтишди.

Паралимпия ассоциацияси раҳбари Мухторхон Ташходжаев эса қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

Аввало, сизларнинг жаҳон чемпионатида қайд этган натижангиз билан муборакбод этаман. Биз сизлар билан фахрланамиз ва сизлар бизнинг фахримизсиз. Шуғулланишларингиз учун етарли шарт-шароитлар яратиб бераётган ҳукуматимизга ҳам ташаккур айтиб ўтмоқчиман. Умид қиламизки, Токио Паралимпиадасидан бундан ҳам юқори натижалар билан қайтиб, Ватанимиз довруғини янада юксакларга кўтарасизлар”.

Белгиланганидек, Паралимпия ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз 100 миллион, уларнинг мураббийларига эса 50 миллион сўм миқдорида мукофот пуллари топширилди.

Мураббийлар номидан параканоэ бўйича терма жамоа бош тренери Ниёзхўжа Тешабоев, спортчилар номидан жаҳон чемпиони Шаҳноза Мирзаева сўзга чиқиб, ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликни, қўллаб-қувватлашларни ҳис қилишаётганини айтиб, келаси йилги Токио Паралимпиадасидан бунданда катта натижа билан қайтишга ваъда беришди.

 

30 Avgust, 2019|Янгиликлар|