Пойтахтимизда “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” шиори остида катта спорт тадбири ўтказилди

Бугунги сана спортимиз тарихида унутилмас кунлардан бири бўлиб қолди. Тонг саҳардан профессионал боксчимиз Шаҳрам Ғиёсовнинг навбатдаги ғалабаси, каноэчи қизларимизнинг қўлга киритган Олимпиада лицензияси, дзюдочимиз Шарофиддин Лутфиллаевнинг жаҳон чемпионатидаги кумуш медали . . . Буларнинг замирада аҳолини оммавий спортга жалб қилиш, уларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш каби истиқболли дастурлар ётибди, десак муболаға бўлмайди. Президентимиз илгари сурган ташаббуслардан бири ҳам айнан жисмоний тарбия ва спорт тарғиботига қаратилган. Бугун пойтахтимиздаги истироҳат боғлари ва спорт майдонларида “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” шиори остида оммавий спорт тадбирлари ўтказилди.

Ушбу оммавий спорт тадбири дастлаб пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган 1-сонли БЎСМ ўйингоҳида ташкил этилди.

Шундан сўнг кечки дастур Чилонзор туманидаги “Ғафур Ғулом” ва Яшнобод туманидаги “Дўстлик” истироҳат боғларида давом этди. Миллий олимпия қўмитаси ҳамда шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган ушбу тадбирдаги барча мусобақалар миллий ўйинларимиз бўйича ўтказилди. Бундан мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш қаторида тобора йўқолиб бораётган миллий ўйинларимизни ёшларимизга ҳам етказиш, уларнинг бўш вақтларини мана шундай ҳаракатли ўйинлар билан ўтишини таъминлаш бўлади. Таъкидлаш жоиз, бу тадбирнинг ўтишида Ўзбек жанг санъати федерацияси фаол иштирок этди.

Беллашувлар давомида исталган одам ўзини “арқон тортиш”, “беш тош”, “от минди”, “ким олади”, “чиллак”, “ошиқ” каби бир қатор ўйинларда ўзини синаб кўрди. Юқори натижа қайд этган иштирокчилар табиийки ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Тадбир якуни куй-қўшиқ ва ўйин-кулгуларга уланиб кетди.

25 Avgust, 2019|Янгиликлар|