Нилуфар Зокирова ҳамда Дилноза Раҳматова Токио Олимпиадасига лицензия қўлга киритишди

Венгриянинг Цегед шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етиб бормоқда. Бироз аввал каноэчи қизларимиз Нилуфар Зокирова ҳамда Дилноза Раҳматова 500 метрга жуфтлик йўналишида кечган баҳсда Токио Олимпиадасининг йўлланмасини қўлга киритишди.

Финал беллашувида юртдошларимиз бешинчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтишди. Регламентга кўра, дастлабки саккиз ўринда маррага келган қайиқ эгалари келаси йили Токио Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишар эди.

Каноэда эшкак эшиш, ЖЧ. Венгрия
Жуфтлик, 500 метр:
1. Сун / Цу (Хитой) – 2:02.81
2. Такаш / Балла (Венгрия) – 2:04.49
3. Климова / Макарчанка (Беларусь) – 2:07.74
4. Ян / Преллер (Германия) – 2:08.18
5. Раҳматова / Зокирова (Ўзбекистон) – 2:08.47

Шу тариқа Токио-2020 Олимпиадасига лицензия олган спортчиларимиз сони 4 тага етди. Бундан аввал теннисчимиз Денис Истомин ҳамда велоспортчимиз Ольга Забелинская йўлланма эгаларига айланишган эди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси спортчи қизларимиз, уларнинг яқинлари ва миллионлаб ҳамюртларимизни бундай муваффақият билан муборакбод этиб қолади.

Маълумот учун, қизларимиз бугунги беллашувлар давомида бироздан сўнг 200 метрга жуфтлик йўналишида ҳам финалда стартга чиқишади.