Камондан отиш бўйича терма жамоамиз Европа сафарига жўнаб кетди

Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Европа сафарига йўл олди. 8 нафар спортчи ва 3 мураббийдан иборат делегациямиз “Кўҳна қитъа”да ўқув-машғулот йиғинлари ва халқаро мусобақаларда иштирок этади.

Дастлабки мусобақа Беларуснинг Брест шаҳрида 25-31август кунлари ўтказилади. Унда 20 га яқин мамлакат вакиллари қимматли рейтинг очколари ва ғолиблик учун кураш олиб борадилар. Терма жамоамиз турнирдан сўнг шу шаҳарнинг ўзида 8 сентябргача йиғин олиб боради. Шундан сўнг вакилларимиз Львов (Украина) шаҳрида 9-15 сентябрь, Истамбул (Туркия)да 15-30 сентябрь кунлари ўқув-машғулот йиғини ва халқаро турнирда қатнашишади.

Таъкидлаш жоиз, ушбу йиғин ва мусобақалар ноябрь ойида Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтадиган Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи халқаро мусобақага тайёргарликнинг асосий босқич вазифасини бажариб беради.

24 Avgust, 2019|Янгиликлар|