МОҚ ва Япониядаги Ўзбекистон ёшлари Ассоциацияси ўртасида меморандум имзоланди

Орадан 56 йил ўтгач Токио шаҳри яна ёзги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилади. Олдиндан айтиш мумкинки, бўлажак мусобақа тарихидаги энг инновацион Олимпиада бўлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон терма жамоасининг мазкур Олимпиададаги муваффақиятли иштирокини таъминлаш, спортчиларимизнинг шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратиб бериш Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси олдида турган асосий вазифалардан бири. МОҚ бу борада катта ҳажмли дастур ишлаб чиққан. Унинг доирасида терма жамоа таркибидан 440 нафар Олимпия ўйинларига лицензия олиши мумкин бўлган спортчи саралаб олинди ва улар билан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Токио Олимпиадасида ўзбекистонлик спортчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга руҳий мадад бериб туриш учун 500 нафар томошабин Японияга жўнатилиши режалаштирилган.

Бугун Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида мазкур истиқболли режаларни муваффақиятли амалга ошириш дастурини ишлаб чиқишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда МОҚ вице-президенти Азизжон Камилов, элчихона ва Япониядаги Ўзбекистон ёшлари Ассоциацияси вакиллари, спортчилар иштирок этишди.

Учрашув давомида МОҚ ва Япониядаги Ўзбекистон ёшлари Ассоциацияси ўртасида ўзаро дўстона алоқалар, икки мамлакатнинг таълим ва спорт соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш дастурини ўз ичига олган меморандум имзоланди.

Ўз навбатида Миллий олимпия қўмитаси ушбу учрашувни ташкил этишда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасига ўз миннатдорчилигини билдириб қолади.

24 Avgust, 2019|Янгиликлар|