Токиода дзюдо Олимпиадага киритилганининг 55 йиллигига бағишлаб катта тадбир ўтказилди

Эртага Япония пойтахти Токио шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олади.

Айни пайтда эса мусобақа олдидан турли даражадаги тадбирлар, маросимлар ташкил этиляпти. Жумладан, дзюдонинг Олимпия спорт тури сифатида тан олингани, яъни тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси оиласига қабул қилинганига 55 йил тўлиши муносабати билан гала-оқшом ўтказилди. Бу ҳақида Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

 

Унда иштирокчи мамлакат дзюдо федерацияларининг раҳбарлари, делегатлар, яқин ўтмиш ҳамда бугунги куннинг машҳур юлдузлари, умуман катта дзюдо оиласи жам бўлди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ҳам иштирок этди. Камилов бир нечта давлат федерациялари раҳбарлари билан мулоқот чоғида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик бўйича фикр алмашди. Франциялик афсонавий дзюдочи, Олимпиада чемпиони Тедди Ринер билан суҳбатлашди.

Режа бўйича эртага Азизжон Камилов Япония олимпия қўмитаси ҳамда дзюдо федерациялари президенти Ясухиро Ямасита билан учрашади. Икки мамлакат дзюдо федерациялари раҳбарларининг бу мулоқоти расмий мақомда бўлади.

24 Avgust, 2019|Янгиликлар|