Бу йилги Ўзбекистон кубоги оғир атлетикачиларимиз учун унутилмас бўлиб қолди

Бугун Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетининг манежида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон кубоги старт олди ва мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Янада эътиборлиси, бу тадбир университет ичида янги таъмирдан чиққан оғир атлетика залининг фойдаланишга топширилишига уланиб кетди.

Тадбир учун ташриф буюрган Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов маросим бошланишидан аввал спортчилар билан учрашиб, жаҳон чемпионати ва Олимпиадага олиб борилаётган тайёргарлик бўйича суҳбат ўтказди.

“Аввало, юртимизни дунёга янада танитиш йўлида қилаётган машаққатли меҳнатингиз учун раҳмат. Жаҳон чемпионати ҳар йили ўтиши мумкин, лекин Олимпиада 4 йилда 1 маротаба бўлади. Шу нуқтаи назардан Токио-2020 баъзиларингизга унда қатнашиш учун ягона имконият бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Бундан унумли фойданалиб қолиш керак. Зеро, муҳтарам Президентимиз нафақат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, балки биз спорт аҳли учун барча керакли шароитларни яратиб беришга катта эътибор қаратмоқдалар. Яқин орада Хожикентда янги, замонавий оғир атлетика базасининг қурилиши бошланади. Буларнинг барчаси сизлар учун. Бундан унумли фойдаланиб, аввало, ўз исм-шарифингиз, оилангиз ва Ватанимиз номини дунёга янада танитинг”, – деди МОҚ раҳбари.

Очилиш маросимида МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Шарифжон Мўминжонов, шунингдек, фахрий меҳмон Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти Чои Сун Ён ҳам иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан спорт мутасаддилари мусобақада иштирок этаётган атлетларга омад тилаб, оғир атлетика спортининг юртимиздаги тараққиётига алоҳида урғу бериб ўтишди. Шунингдек, очилиш маросимида енгил вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган спортчиларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

Маросимнинг иккинчи қисми мухлисларнинг диққатини янада тортди. Зеро, унда Адҳамжон Эргашев, Достон Ёқубов, Акбар Жўраев каби Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиб вакиллари, жаҳон ва Осиё чемпионлари ўз чиқишлари билан йиғилган томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлишди.

Регламентга кўра, Ўзбекистон кубоги баҳслари яна 3 кун давом этади. Мусобақа эса келаси ой Таиландда ўтадиган жаҳон чемпионатидан аввал терма жамоа вакилларининг жисмоний ва функционал холатини яна бир бор кўздан кечириб олиш имконини беради.