МОҚда илмий-методик марказ фаолиятига бағишланган матбуот-анжумани ўтказилди

Маълумки, замонавий спортда илм-фаннинг ютуқларисиз юқори натижалар қайд этиш жуда қийин. Бу борада терма жамоамиз вакилларининг ҳам жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Олимпиадаларда катта натижалар кўрсатишини таъминлаш мақсадида МОҚ қошида илмий-методик марказ ташкил қилинган. Бугун МОҚда ушбу марказ фаолиятига бағишланган матбуот-анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов олиб борди. Унда, шунингдек, Ўзбекистон фанлар академияси вакили Одилхўжа Парпиев, Жисмоний тарбия ва спорт университети проректори Рашид Маткаримов, марказ олимларидан бири Лев Югай иштирок этишди. Анжуман бошида сўзга чиққан Рашид Маткаримов марказ фаолиятининг не чоғлик аҳамият касб этиши ҳақида тўхталиб ўтди.

Сўнгги пайтда спортимизда амалиёт ва фан бир-биридан йироқлашиб қолган эди. Бу марказнинг ташкил этилиши ҳар икки соҳанинг биргаликда фаолият олиб боришига, спортчиларимизнинг янада юқори натижа қайд этишига улкан хисса қўшади. Биламизки, замонавий спорт ривожида илм-фаннинг ўрни беқиёс. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар бир спорт федерацияларига илм-фан вакиллари бириктирилади ва улар атлетларимизнинг натижаларини таҳлил қилиб боришади. Шу пайтгача 2 федерацияга жалб қилинган мутахассислар ўз изланишлари бўйича дастлабки ҳисоботни бериб улгуришди”, – деди Рашид Маткаримов.

Шундан сўнг ўз соҳасининг етук мутахассислари Лев Югай ва Одилхўжа Парпиев ҳам илмий-методик марказнинг фаолияти қандай босқичларда шакллантирилиши, иш сифатини кучайтириш борасидаги фикрларини билдириб ўтдилар. Шунингдек, анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб олишди.

22 Avgust, 2019|Янгиликлар|