МОҚда бокс федерациясининг Токио Олимпиадаси ва ЖЧга тайёргарлиги бўйича ҳисоботи тингланди

Ёзги Олимпия ўйинларида боксчиларимиз қайд этадиган ажойиб натижалар барчамизда ёрқин хотира қолдиради. Рио-де-Жанейро Олимпиадасида эришилган кўрсаткичлар Токио-2020да боксчиларимиз олдига улкан масъулият юклаши табиий. Шу боис ҳам унга муносиб тайёргарлик кўриш, Бразилиядаги натижа тасодиф эмаслигини исботлаш даркор. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида бокс федерациясининг Токио Олимпиадасига тайёргарлиги юзасидан ҳисобот-конференцияси бўлиб ўтди. Қолаверса бокс бўйича навбатдаги жаҳон чемпионитига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, бу конференциянинг бир қисми бўлажак дунё биринчилигига ҳам тааллуқли бўлди.

Конференцияни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов олиб борди. Унда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси масъул ходими Шавкат Султонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, МОҚ вице-президентлари Сакен Полатов ва Азизжон Камилов, федерация ва ассоциациялар раҳбарияти, спорт фахрийлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Конференцияни Ўзбекистон бокс федерацияси Бош котиби Мурод Мамадалиев бошлаб берди. М.Мамадалиев ўз тақдимотида барчани Халқаро Олимпия қўмитасининг бокс мусобақаларини ўтказиш бўйича тасдиқлаган тизими, вакилларимиз қайси мусобақалар орқали лицензия қўлга киритиши, олиб бориладиган ўқув-машғулот йиғинлари борасидаги режалар билан таништирди. Маълумки, ХОҚнинг қарори билан бокс баҳслари Токио Олимпиадасида эркаклар ўртасида 10 вазн тоифасидан 8 тага туширилган. 7-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионатида янги вазн тоифалари амал қилади. Тадбир доирасида ушбу дунё биринчилигида иштирок этадиган терма жамоамиз таркиби ҳам эълон қилинди:

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразиз Мирзаҳалилов
-63 кг: Элнур Абдураимов
-69 кг: Бобоусмон Батуров
-75 кг: Фанат Қаҳрамонов
-81 кг: Дилшод Рўзметов
-91 кг: Санжар Турсунов
+91 кг: Баҳодир Жалолов

Мурод Мамадалиев ўз чиқиши давомида жаҳон чемпионатида делегациямиз учун махсус ишлаб чиқилган кийимлар тақдимотини ҳам ўтказди.

Шундан сўнг терма жамоа бош мураббийи Марат Қурбонов сўзга чиқиб, жаҳон чемпионати ва Олимпиадага тайёргарлик бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

Тайёргарлик бўйича муаммо деярли бўлгани йўқ. Аввалги жаҳон чемпионати билан солиштирадиган бўлсак, таркиб 60 фоизга ўзгарган. Екатеринбургдаги дунё биринчилиги кўп мамлакатлар учун Олимпиада тайёргарлик йўлидаги йирик назорат турнири бўлиб хизмат қилади. Биз Россияда қатнашадиган таркибимизни Олимпиада саралашига ҳам олиб борамиз, дейишдан йироқман. Уларнинг қайд этган натижаларига қараб келаси йил январь ойида Хитойда ўтадиган квалификация турнирига таркиб ўзгариши ҳам мумкин. Айнан ушбу саралашда биз максимал даражада лицензия олишга ҳаракат қиламиз”, – деди Марат Қурбонов.

Конференция давомида профессор Рустам Холмуҳаммедов боксчиларимизнинг машғулотлари давомида олиб борилган кенг қамровли изланишлар натижасини йиғилганларга тақдим қилди. Шунингдек, Ойбек Касимов ва Шавкат Султонов сўзга чиқиб, бўлажак мусобақада терма жамоамиз вакилларига омад тилаб ўтишди. Йиғилишни Рустам Шоабдураҳмонов ўз нутқи билан якунлаб берди.

Аввало, Олимпиадага тайёргарлик кўришимизда бизга яқиндан ёрдам бераётган ва қўллаб-қувватлаб турган ҳукуматимизга ташаккур айтиб ўтмоқчиман. Биз керакли тизимни шакллантириб олиб, бир жамоа бўлиб ишлаяпмиз. Бу жуда муҳим. Боксчиларимиз Риода улкан ғалабага эришгани ёдимиздан чиққани йўқ. Булар тинимсиз меҳнатнинг самараси. Мана шундай меҳнат қилишда давом этсак, камида ўша натижани такрорлай оламиз. Сўзимни муҳтарам Президенимизнинг бир гаплари билан якунламоқчиман: “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”. Биз ҳозир миллий юксалиш сари ҳаракатланяпмиз ва шундай давом этишимиз керак”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Шунинг билан, бокс федерациясининг Токио Олимпиадасига тайёргарлик бўйича ҳисобот-конференцияси ўз якунига етди ва терма жамоамиз вакилларига жаҳон чемпионатидан аввал оқ фотиҳа берилди.