“Пахтакор-79” сиймоси қалбимизда абадий яшайди

Портлаганингга ҳам бўлибди 40 йил
Аммо сен яшарсан қалбимда мудом.
Хаёл билан қабрингга мен элтаман гул
Тинмай кўздан оқар ёш. Аммо чиқмас ун.
Азиз командам,
Кошки, майдонда сени кўрсам бир нафас
Олдинга борардим ҳар кун, ҳар оқшом
Руҳим кўтарилар, йиғласам бирпас . . .

Футбол тарихида авиаҳалокатлар учраб туради. Афсуски, улардан бири бизнинг жонажон клубимиз билан содир бўлган. Бундан роппа-роса 40 йил аввал “Пахтакор” клубининг 17 юлдузи Украина осмонида мангуликка рихлат қилган. Уларнинг номи ҳеч қачон унутилмайди. Йилдан йилга уларнинг сиймолари ёш авлодга фахр туйғуси билан кўчиб ўтмоқда. Бугун “Пахтакор” стадиони ва Боткин қабристонида шонли жамоамизнинг азамат йигитлари хотирасига бағишланган хотира тадбирлари ўтказилди. Уларнинг дастлабкиси жамоа стадионида ўтказилиб, унда Василис Хадзипанагис, Александр Чивадзе, Владимир Гуцаев, Андрей Пятницкий, Андрей Канчельскис каби Собиқ Иттифоқ таркибида ўйнаган ўз даврининг энг машҳур футбол юлдузлари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, Республикамизнинг турли вилоятларидан келган ўзбек футболи фахрийлари, спорт жамоатчилиги ва ОАВ иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққан меҳмонлар “Пахтакор-79”нинг қанчалик буюк жамоа бўлгани, таркибдаги йигитларнинг ўзига хос ҳислатлари ҳақида хотирлаб ўтишди ва ҳалок бўлган жамоа учун ўрнатилган монументга гул қўйилди.

Шундан сўнг тадбирнинг иккинчи қисми Боткин қабристонига кўчди. Бу ерда ҳам турли ҳудудлардан ташриф буюрган меҳмонлар, футбол фахрийлари, ёш футболчилар ва ҳалок бўлган ўйинчиларнинг оила-аъзолари иштирок этишди. Тадбирда ўз даврида “Пахтакор” таркибида ёрқин ўйин намойиш этган фахрийлар ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар.

““Пахтакор-79”ни хотиралаётганларингиз учун раҳмат. Мана шу мудҳиш воқеа юз бергани ҳам 40 йил бўлибди. Бу футболчилар менинг кўз олдимда ҳамиша ёш йигит бўлиб қолади. Уларни йўқотганим умрим давомида юрагимдаги бир доғ бўлиб қолмоқда. Бу йигитлар ҳамиша қалбимизда мангу яшайди”, – деди Тўлаган Исоқов.

Хотира тадбири давомида яна бир қатор фахрийлар сўзга чиқиб ўтишди. Шундан сўнг у ерда “Пахтакор-79” хотирасига қўйилган рамзий қабр бир зум ичида гуллар билан тўлиб кетди.

Бугун 19:00 да «Пахтакор» марказий стадионида “Пахтакор-79”га бағишланган хотира дастури бошланади. Шундан сўнг 20:00 да “Пахтакор” ва Собиқ Иттифоқ фахрийлари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилиши белгиланган.