Бокс бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоларига

Сиз, бокс бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари, Қувайт заминида ўтган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдингиз.

Ўтказилган барча вазн тоифаларида юртимизга медаль билан қайтмоқдасиз. Осиёнинг энг сара ёш боксчиларига қарши кечган муросасиз жангларда 10 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, юртимизнинг умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашини таъминладингиз. Дарҳақиқат, бу ўзбек бокси тарихида янги саҳифа демакдир.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Сиздек паҳлавон йигитларни вояга етказган ота-оналарингиз ва мураббийларингизни бундай тарихий натижа билан самимий муборакбод этиб, Сизларнинг келажакдаги фаолиятингизда ҳам мана шундай ғалабалар ёр бўлишини тилаб қолади.