“Халқлар дўстлиги” майдонида 2019 нафар ёш таэквондочилар иштирокида катта флэшмоб ўтказилди

Пойтахтимизда ўтказилаётган таэквондо бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати юртимизда ушбу спорт тури ривожи ва тараққиёти, оммавий спорт тарғиботи йўлида ўзгача из қолдирмоқда. Мусобақани кузатиб бориш учун шахсан жаҳон таэквондо федерацияси раҳбарининг ташрифи мазкур турнир не чоғлик аҳамият касб этишини белгилаб бермоқда.

Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси ушбу мусобақа доирасида яна бир аҳамиятли тадбирга қўл урди. Бугун пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдонида, аввало, соғлом турмиш тарзини, шунингдек, таэквондони тарғиб қилиш йўлида катта флэшмоб ташкил қилинди. Унда ушбу спорт турида катта ютуқларга эришган ҳамюртларимиз, юзлаб маҳаллий ва Жанубий Кореядан келган ёш таэквондочилар ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Флэшмобда жами 2019 нафар иштирокчи қатнашди.

Ушбу тадбирни жаҳон таэквондо федерацияси раҳбари Чунг Вон Чой ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борди. Мартабали меҳмонга Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамроҳлик қилишди.

Тадбир бошида меҳмонларга ўтган ой юртимизда катта тантана остида ўтган “Олимпия куни”га бағишлаб тайёрланган ролик намойиш этилди. Табиийки, бундай катта масштабдаги спорт тадбири Чунг Вон Чойни ҳам таъсирлантирмай қолмади.

Гўзал Тошкентда илк бор бундай оммавий спорт тадбирида иштирок этмоқдаман. Бу юрт фарзандларидаги таэквондога бўлган муҳаббат бизга янада куч беради. Бугунги беллашувда Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг дастлабки медалини қўлга киритди. Ишонаманки, чемпионат давомида ўзбекистонлик таэквондочилар олтин медалларга сазовор бўлишга ҳам қодир. Ўзбекистон таэквондо ассоциациясида мусобақага тайёргарлик учун қисқа вақт бўлишига қарамасдан жаҳон чемпионатини баъзи катталар ўртасидаги турнирдан ҳам чиройли тарзда ташкил этишга муваффақ бўлди. Ушбу мусобақани юқори савияда ташкил этишда бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентига, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига чуқур миннатдорчилик билдириб қоламан. Мазкур чемпионатга бағишланган ролик тайёр бўлиши билан уни жаҳон таэквондо федерациясининг сайтига жойлаб, ташкилотимизга аъзо 209 мамлакат федерацияларига намуна сифатида жўнатамиз”, – деди Чунг Вон Чой.

Таэквондо инсонни нафақат жисмонан соғлом, балки, руҳан тетик қилиб тарбиялайдиган спорт турларидандир. Спортчилар иштирокидаги кўргазмали чиқишлар майдонга йиғилган томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидлаш жоиз, бундай тадбирларнинг ўтказилиши ёшларимизда спортга бўлган меҳрнинг уйғониши, уларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун катта туртки бўлиб хизмат қилади.