Курашчи қизларимизга офарин, жаҳон чемпионатида яна 2 та медаль!

Болгариянинг София шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда. Бугун қизлар курашида барча вазн тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди. Эътиборлиси, ушбу кун дастурида яна 2 нафар вакилимиз шоҳсупага кўтарилди.

Ҳар 2 курашчимиз бронза медали билан тақдирланишди. Айниқса, опа-сингил Муштарий ҳамда Ситора Толипбековаларнинг совриндор бўлгани уларнинг ва ўзбек спорти оиласи учун чинакам байрамга айланди. Афсуски, -61 килограмм вазн тоифасида Лайлохон Собирова бронза медали учун кечган курашда америкалик рақибасига имкониятни бой берди.

-40 кг: Муштарий Толипбекова – Алина Куриленка (Беларусь) 4:2
-46 кг: Ситора Толипбекова – Серена Ди Бенедетто (Канада) 10:0
-61 кг: Лайлохон Собирова – Кайли Велкер (АҚШ) 0:3

Таъкидлаш жоиз, бу ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон терма жамоаси қизлар кураши бўйича ҳали бундай муваффақиятли иштирок этмаган. София мусобақаси қўлга киритилган 3 та бронза медали билан ёдда қоладиган бўлди. Маълумот учун, бунгача 2015 йилги дунё биринчилигида Шаҳодат Жўллибаева мазкур ёш тоифасида бронза медали билан тақдирланган холос.

Эслатиб ўтамиз, кеча Рушана Абдурасулова -65 кг вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлганди.

2 Avgust, 2019|Янгиликлар|