Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерациясига янги раҳбар сайланди

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерацияси мутасаддилари, шунингдек, спорт жамоатчилиги ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Конференцияда ташкилотга янги раҳбар ва вице-президент сайлаш кун тартибига қўйилган энг асосий масала эди.

Йиғилишда дастлаб, шу пайтгача федерация раҳбари сифатида фаолият олиб борган Дмитрий Адисманнинг вице-президентликка ўтиши ҳақидаги аризаси кўриб чиқилди. Шундан сўнг федерация раислигига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Одил Қаландарович Абдураҳмонов номзоди овоз беришга қўйилди. Номзод Конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди ва Одил Абдураҳмонов Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерациясининг раиси этиб сайланди.

Федерациянинг собиқ раҳбари Дмитрий Адисман эса унга ўринбосар сифатида ёрдам берадиган бўлди.

Йиғилиш доирасида сўзга чиққан Рустам Шоабдураҳмонов ва Ойбек Касимов янги раҳбарнинг фаолиятида омад тилаб ўтишди. Шунингдек, янги раҳбар ўз ишига киришар экан, фаолияти давомида ушбу спортни янги босқичга олиб чиқиш ва уни ёшлар орасида янада оммалаштиришга астойдил ҳаракат қилишини таъкидлаб ўтди.

25 Iyul, 2019|Янгиликлар|