Тўрт нафар каратэчимиз Осиё чемпионатининг финалига йўл олди

Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимизда каратэ бўйича Осиё чемпионати старт олди. Эътиборлиси, ушбу мусобақа Токио Олимпиадасига жорий йилдаги энг йирик рейтинг очколарини тақдим этувчи турнир ҳисобланади. Кескин ва муросасиз кечаётган қитъа биринчилигининг саралаш беллашувлари терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтмоқда. Кун якунларига кўра 4 нафар каратэчимиз Осиё чемпионатининг финалига йўл олишди.

Таъкидлаш жоиз, мусобақанинг тантанали очилиш маросими ҳам ўзгача руҳда ташкил этилди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Осиё каратэ федерацияси президенти Генерал Носир Абдулраззоқ мусобақанинг юқори савияда ташкил этилаётганига алоҳида урғу бериб ўтишди. Эслатиб ўтамиз, мазкур турнирни Бутунжаҳон каратэ федерацияси президенти Антонио Эспиноз ҳам кузатиб бормоқда.

Бугунги саралаш беллашувлари натижасига кўра, Садриддин Сайматов (-60 кг), Баҳринисо Бабаева (-50 кг), Севинч Раҳимова (-55 кг) ҳамда Нодира Жуманиёзова (+68 кг) барча рақибларини мағлуб этиб, финал йўлланмасини қўлга киритишди. Шунингдек, яна бир қатор вакилларимиз гарчи финалга етиб кела олмаган бўлсаларда, бронза медали учун кураш имкониятини сақлаб қолишган.

Ҳал қилувчи жанглар эртага бўлиб ўтади. Терма жамоамиз вакилларига омад ёр бўлсин, деб қоламиз.

19 Iyul, 2019|Янгиликлар|