Тошкентда замонавий камондан отиш спорт базаси барпо этилди

Ҳатто яқин-яқингача камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси спорт базаси йўқлиги учун машғулотлар ўтказиш борасида жиддий муаммоларга дуч келарди. Табиийки, бундай шароитда шуғулланган спортчиларимиз халқаро мусобақаларда мақтанарли натижа қайд эта олишмасди. Буларнинг бари эндиликда ёмон туш каби ўтмишда қолди.

Энди уларнинг энг замонавий шароитлар билан жиҳозланган спорт базаси бор. Республика ихтисослаштирилган Олимпия заҳиралари мактаб интернатида (РИОЗМИ) Ўзбекистон камондан отиш федерациясига қарашли янги спорт базасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу воқелик ўзига хос кун сифатида ўзбек спорти тарихида қолмоқда.

Янги базанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Бутунжахон этноспорт Конфедерацияси президенти Нажмиддин Билол Эрдоған ва кенг спорт жамоатчилиги иштирок этди.

Очилиш маросимида фахрий меҳмонлар барпо этилган янги база имкониятлари билан яқиндан танишиб, тинчлик, эркинлик ва дўстлик рамзи бўлган кабутарларни мусаффо осмонимиз узра парвозга қўйиб юборишди.

База 2 қаватли бино ҳамда машғулот майдонидан иборат. Майдонда мерганларимиз жаҳон стандартлари асосида 70 метр ва бошқа масофаларга машғулот олиб бориш имкониятига эга. Бинонинг биринчи қавати Ўзбекистон камондан отиш федерацияси офиси сифатида фаолият кўрсатса, иккинчи қавати барча шароитларни мужассамлаштирган ётоқхонадан иборат.

Туркиядан ташриф буюрган мартабали меҳмонлар кун давомида шунингдек, пойтахтимизда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг имкониятлари, фаолияти билан яқиндан танишишди. Уларга ўзбек халқининг буюк тарихи ва бой маданий мероси хақида ҳикоя қилиб берилди.

2 ойдан сўнг “Очиқ осмон остидаги музей” номи билан жаҳонга танилган Хива шаҳрининг Ичан қалъа мажмуасида Халқаро мақомдаги Миллий этноспорт фестивали ўтказилади. Бугун меҳмонлар ушбу тадбирга олиб борилаётган тайёргарликни кўздан кечириб, унинг доирасида ташкил этиладиган матбуот-анжуманида ҳам иштирок этишади.