Бутунжаҳон каратэ WKF федерацияси президенти Антонио Эспиноз МОҚда меҳмон бўлди

19-21 июль кунлари пойтахтимиз каратэ бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Мазкур мусобақа Токио Олимпиадаси учун жорий йилдаги энг кўп рейтинг очколарини тақдим қиладиган турнир бўлгани билан янада аҳамиятли. Шу боис ҳам, айни кунларда Бутунжаҳон каратэ федерацияси (WKF) раҳбарияти ҳам Тошкентда меҳмон бўлиб турибди. Бугун Миллий олимпия қўмитасига Антонио Эспиноз бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонларни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ва вице президенти Азиз Камиловлар кутиб олишди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, Олимпия оиласига янги қўшилган каратэ спорт турини мамлакатимизда янада ривожлантириш борасида суҳбат олиб борилди.


“Сизни Ўзбекистонда кўриб турганимиздан беҳад мамнунмиз. Айни пайтда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан спорт сохаси ривожига катта эътибор қаратилмокда. Давлатни ривожлантириш дастури бўйича 5 та муҳим ташаббус ишлаб чиқилган бўлиб, улардан бири айнан оммавий спорт ва жисмоний тарбия соҳасига тегишли. Каратэ дунё миқёсида алохида ўрин эгаллайди. Чунки у ўзининг чуқур фалсафаси ва бой тарихига эга бўлиб, инсонни нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан баркамол қилади. Бу борада Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон каратэ миллий федерациясини қўллаб-қувватлашга ва ёрдам беришга тайер. Шу нуқтаи назардан федерациялараро ўзаро хамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ”-, дея фикрларини баён қилди МОҚ раҳбари.

Мазкур учрашувда Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Азизжон Камилов, Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раиси Аламжон Муллаев, ҳам иштирок этди. Жаноб Эспинозга эса Бутунжаҳон каратэ WKF федерацияси вице-президенти, БАА каратэ WKF федерацияси президенти генерал Носир Абдул Раззоқ Ал Раззоқи (БАА) ҳамда Саудия Арабистони каратэ WKF федерацияси президенти доктор Иброҳим Ал Ғаннос ҳамроҳлик қилди.

Ўз навбатида Антонио Эспиноз ҳам Осиё чемпионатига олиб борилаётган тайёргарлик хусусида гапириб ўтди:

“Аввало, илиқ қабул учун миннатдорчилик билдираман. Бу менинг юртингизга қилаётган иккинчи расмий сафарим. Таъкидлашим жоизки, менда Ўзбекистон хақида, шунингдек, мамлакатингизда спортга қаратилаётган эътибор ва олиб борилаётган ишлар ҳақида фақатгина ижобий фикрлар қолмоқда. Ўзбекистонда каратэ Миллий федерацияси фаолияти мустаҳкам йўлга қўйилгани ва у ҳукумат томонидан хар томонлама қўллаб-қувватланиши жуда қувонарли холат. Яқин 10 йилликда каратэ профессионал спорт тури сифатида жуда ривожланди ва катта ютуқларга эришди. Токио Олимпиадасига кўрилаётган жиддий тайёргарлик бунга яққол мисол бўла олади. Ўзбекистон мезбонлик қилаётган Осиё чемпионати доирасида Конгресс ҳам бўлиб ўтади. Унда Осиё каратэ федерациясининг янги президенти сайланиши ҳам кўзда тутилган” – деди Антонио Эспиноз.

Учрашув мобайнида юртимизда каратэни янада ривожлантириш ва терма жамоамизга жаҳоннинг етакчи мураббийларини жалб қилиш каби бир қатор истиқболли режалар хусусида музокара олиб борилди.