Хоразмда “Халқаро камондан отиш ва миллий ўйинлар фестивали” ўтказилади

Жорий йилнинг 6-8 сентябрь кунлари Хива шаҳрида “Халқаро камондан отиш ва миллий ўйинлар фестивали”ни ўтказиш режалаштирилган. Этнофестивалнинг асосий мақсади йўқолиб бораётган миллий ўйинларимизни тиклаш, уларни кейинги авлодга етказишга қаратилган. Катта қизиқишга сабаб бўлаётган мазкур тадбирга тайёргарлик ҳозирданоқ бошлаб юборилди. Ушбу фестивални юқори савияда ташкиллаштириш мақсадида бугун Миллий олимпия қўмитасига Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси вакиллари Ясин Тутунжу ҳамда Салих Аксу ташриф буюришди. Уларни МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов қарши олди.

Хуш келибсизлар. Камондан отиш тарихдан ота-боболаримизнинг севимли машқи бўлиб келган. Биргаликда мана шундай спорт турларини тиклаётганимиздан мамнунман. Мазкур тадбирни ўтказиш учун Хива шаҳри танлаб олингани ҳам бежиз эмас. Бу шаҳар “Очиқ осмон остидаги музей” номи билан ЮНЕСКО қарамоғига киритилган. Мана шундай жойда миллий ўйинларимизни тарғиб қилувчи фестивал ўтказиш эса йўқолиб бораётган қадриятларимизни тиклаш йўлида қилинган фойдали ва самарали ишдир. Бу йилги тадбирда фақат ўзбек миллий ўйинларини олиб чиқиш режалаштирилган. Аммо буни келажакда қўшни ва қардош халқларнинг қадриятларини, ўйинларини бирлаштирувчи фестивалга айлантириш ниятидамиз”, – деди Жасур Матчанов.

Ўз навбатида халқаро эксперт ҳам фестивалга олиб борилаётган тайёргарликка юқори баҳо бериб, айтиб ўтилган таклифларга ўз фикрини билдирди.

  

“Ҳақиқатдан ҳам тарихий тадбир олдида турибмиз. Бу ҳамкорлигимизнинг бошланиши. Насиб қилса, бундан ҳам йирик лойиҳалар устида иш олиб борамиз. Ўзбекистон камондан отиш федерацияси вакиллари менга мусобақа ўтказиш юзасидан тайёрланган тақдимотни кўрсатишди. Ҳақиқатдан ҳам жуда чиройли жой танлаб олинган. Бундай фестивалларни ўтказиш ёш авлодга тарихини англаш учун хизмат қилади. Дунёда саноқли мамлакатларгина бундай тадбирлар ўтказишади. Яқинда Истамбул шаҳрида ҳам бу иш йўлга қўйилди. Натижада юз минглаб ёшлар йўқолиб кетаётган миллий ўйинлари ҳақида маълумот олишди ва уларни ўйнай бошлашди”, – деди Ясин Тутунжу.

Учрашув мобайнида фестивални ўтказиш бўйича тайёрланган тақдимот кенг муҳокама қилиниб, у бўйича фикрлар алмашилди. Таъкидлаш жоиз, мазкур фестивал доирасида барча вилоятларимизда бўлган миллий ўйинлар “жонлантирилади” ва мухлислар эътиборига ҳавола қилинади. Ушбу тарихий воқелик доирасида камондан тик ҳолатда ва от устида нишонни пойлаш, кураш ва бошқа кўплаб спорт турлари бўйича ҳам мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган.

8 Iyul, 2019|Янгиликлар|