“Олимпия куни” доирасида оммавий юриш ва енгил атлетика баҳслари ўтказилди

Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Олимпия куни” пойтахтимизда ҳам катта тантана билан нишонланмоқда. Бугунги тадбирларнинг дастлабкиси эрта тонгданоқ бошланиб кетди. “Халқлар дўстлиги” майдонида йиғилган минглаб кишилар Миллий олимпия қўмитаси биноси томон оммавий юриш ташкил қилишди. Мазкур тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда 10 мингга яқин одам қатнашди.

Шундан сўнг барчанинг диққат-эътибори енгил атлетика федерацияси олдида ўтказилган югуриш баҳсларига қаратилди. Беллашувлар стартидан аввал тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, енгил атлетика федерацияси раҳбари Андрей Абдувалиев, спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов иштирок этиб, “Олимпия куни”нинг моҳияти, байрам таассуротлари ҳақида гапиришди ва барчани оммавий спорт билан кенг шуғулланишга чорлаб қолишди.

Регламентга кўра, югуриш баҳслари турли ёш тоифалари бўйича ўтказилди. Унда 13 ёшдан 79 ёшгача бўлган спортсеварлар турли масофаларга югуриш бўйича баҳс олиб боришди. Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

6 Iyul, 2019|Янгиликлар|