Ёш мерганларимиз Тошкентда сараланди

Тошкент шаҳрида камондан отиш бўйича Республика биринчилиги якунига етди. Ёшлар ўртасида ташкил этилган мамлакат чемпионатида юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 100 нафарга яқин ёш мерганлар иштирок этишди. Иштирокчилар 70 метр масофадан нишонни пойлаш бўйича бахслашдилар.

Натижаларга кўра, йигитлар ўртасида Шоҳжаҳон Абдулҳамидов, қизлар ўртасида эса Зиёдахон Абдусатторова энг яхши натижани қайд этишди. Жамоавий йўналишда фарғоналик мерганлар микст йўналишида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлсалар, йигитлар ва қизлар баҳсида пойтахт вакилларига тенг келадигани топилмади.

Эслатиб ўтамиз, камондан отиш бўйича катталар терма жамоаси 3-14 июль кунлари Неаполь шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжахон талабалар универсиада мусобақасида иштирок этади. Шунингдек, мазкур Республика мусобақаси жорий ой Мадрид мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги дунё биринчилиги олдидан спортчиларимизнинг ҳолатини яна бир бор синовдан ўтказиб олиш имкониятини берди.

1 Iyul, 2019|Янгиликлар|